• “Устоз ва шогирд” кургазмаси


    Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театри ва Республика рассомлик коллежи хамкорликда жорий йилнинг 9 апрель куни, соат 15.00да, театримиз биносида – “Устоз-шогирд анъаналари” га бағишланган ёш ижодкорлар иштирокида кўргазмани томошабинлар эътиборига тақдим этмоқда. Бу кўргазмада асосан уста рассом Хасан Эгамбердиев ва унинг шогирдлари, Республика рассомлик коллежи талабаларининг бадиий асарлари намоиш этилмоқда.
    Йилдан йилга театр ўз фаолияти доирасини кенгайтириб, ёш авлоднинг эстетик ривожланишига таъсир кўрсатиш мақсадида хилма хил маданий-маърифий тадбирларни амалга оширмоқда. Бу кўргазмадан асосий мақсад ҳам театр ва рассомлик санъатининг ўзаро, чамбарчас боғилигини намоиш этишдир. Кўргазмага танланган расмлар орасида, Хасан Эгамбердиевнинг ижод оламидан кичик бир қисми бўлиб, таниқли актёрлар – Ўзбекистонда ҳизмат кўрсатган артистлар – Боир Ҳолмирзаев ва Бекзод Муҳаммадкаримовларнинг портретлари ўрин олган.
    Кўргазмада Хасан Эгамбердиев ва унинг шогирдлари, Республика рассомлик коллежи талабалари – Нодира Шавкатова, Мадинабону Ахмадбекова, Олтиной Шодибекова, Робия Шукуритдинова, Инобат Ҳожиакбарова, Аббос Ҳазратов, Нўъмонжон Ҳолматов, Мадинабону Эркиноваларнинг ижодий намуналари ўрин олган. Ёш рассомлар ижодида турли жанрларда тасвирга туширилган асарларни кўришимиз мумкин, жумладан, хаётнинг гўзал, бетакрор лахзалари акс этувчи манзара, натюрморт ва этюдлар ўзининг беғуборлиги, жозибадорлиги билан ажралиб туради.
    “Устоз – шогирд анъаналари”га бағишланган рассом Хасан Эгамбердиев ва ёш ижодкорлар иштирокидаги кўргазма 1 майга қадар давом этади.